ҳаммаси томорқадан чиқади
ҳаммаси томорқадан чиқади
Ҳаракатда - баракат
Томорқани ризқ-рўз, баракат манбаига қиёслаймиз. Дарҳақиқат, ердан унумли фойдалансангиз, ишнинг кўзини билиб меҳнат қилсангиз, қийинчиликлардан қочмасангиз бир парча ердан ҳам яхшигина даромад олиш мумкин. Янги йил арафасида касбилик 81 ёшли отахон Эрмат Шерматовнинг хонадонига бориб, бунга яна бир бора амин бўлдик.
- Ҳовлимиздаги мана шу 3 сотих жойдан томорқа сифатида фойдаланамиз, - дейди у бизни ичкарига бошлар экан. - Асосийси - ернинг кўплиги эмас, ундан унумли фойдаланишда.
Дарҳақиқат, томорқада дарахтлар шунчалик тартиб билан жойлаштирилганки, мўъжазгина майдонда 15 туп хурмо, 10 туп ўрик, 20 туп ток, яна бир неча олма дарахти ва анор буталарини санадик. Уларнинг барчаси майдон айланасига экилган ва асосий томорқага халақит қилмайди. У ерда эса сабзи, шолғом, картошка, помидор каби асосий турдаги полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилар экан.
- Биласизми, кексаларимизда томорқадан еганинг татийди, деган гап бор, - дейди Эрмат Шерматов. - Чунки томорқадан чиққани баракали бўлади. Масалан, ана шу мевали дарахтларнинг ўзидан ҳар йили тонналаб ҳосил оламиз. Масалан, шу йил ўрикни аввало фарзандларим, невараларим билан ўзимиз едик, мураббо тайёрлаб ёпдик, ортганини эса қуритиб қўйгандик, яқинда 80 килосини сотдик. Эҳтиёждан ортиғини ҳали яна сотамиз. Хурмо дарахтларимиз ҳам серҳосил. Улар аввало оиламиз учун, аммо кўп бўлганидан кейин сотасиз-да. Мана, кечагина 500 килосини сотдим. Одамлар байрам дастурхонига, деб талашиб олиб кетишди. Ҳали анчаси турибди. Узум, олма, анор ҳам томорқадан чиқади. Бозордан картошка, помидор каби маҳсулотларни сотиб олмай қўйганимизга анча бўлган. Мана, келаётган Янги йил байрамига ҳам бозордан ҳеч нарса олмаймиз, томорқадан чиққанини ишлатамиз. Муҳими, ердан унумли фойдалансангиз, ҳар бир экинни ўз вақтида экиб, ўз вақтида парвариш қилишни билсангиз бўлгани.
Мўъжазгина томорқанинг катта хазина манбаига айланишида қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент Эрмат Шерматов ҳамда у кишининг турмуш ўртоғи, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Муборакхон Исмоилованинг нафақат меҳнати, балки билим ва тажрибалари ҳам мужассам. Демак, томорқани яшнатиб қўйиш учун ҳам илм, уқув керак. Янги йилда Сиз ҳам шундай қилиб кўрсангиз-чи?!
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.