Маълумки, ўтган ҳафтада мамлакатимиз Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган эди.
Қарор ва моҳият
Маълумки, ўтган ҳафтада мамлакатимиз Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган эди.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов томонидан қабул қилинган тегишли қарор ҳам айнан шу жабҳадаги муҳим мақсадлар - аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, ҳудудий спорт федерациялари (уюшмалари) фаолиятини қўллаб-қувватлаш, олимпия ва паралимпия спорт турларини ривожлантириш орқали нуфузли халқаро спорт мусобақалари, жумладан, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларимизнинг ҳар томонлама муваффақиятли иштирок этишини таъминлашга қаратилди.
Бир йилда 80 та хусусий спорт клубини очиш режа қилинган
Қарорга мувофиқ, хусусан, Олимпия ва Паралимпия ҳаракати, спорт таълими ва селекция ҳамда оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ва аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш юзасидан Қашқадарё вилоятида 2025 йилда амалга ошириладиган ишлар бўйича "йўл харитаси" ҳамда воҳамизда жорий йилда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича эришиладиган мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди. Уларга кўра, вилоятимизда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилинган аҳоли улушини 2024 йилдаги 33 фоиздан 38 фоизгача ошириб, оммавий спорт мусобақалари билан қамровни 1 миллион 188 минг кишидан 1 миллион 357 минг кишигача кенгайтириш мўлжалланмоқда.
Айни пайтда йил давомида 4 минг 250 нафар ногиронлиги бўлган шахсни адаптив (имконияти чекланган кишилар учун махсус ишлаб чиқилган) спорт турлари бўйича оммавий спортга жалб қилиб, олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда қўшимча равишда 16 та намунавий типдаги спорт майдончаларини барпо этиш режалаштирилган. Шунингдек, 2025 йилда вилоятимизда турли мусобақаларда яхши натижа кўрсатган 10 минг нафар иқтидорли ёшни спорт мактабларига селекциялаш, 30 нафар спорт устаси ва халқаро тоифадаги спорт устасини тайёрлаш, 80 та янги хусусий спорт клубини ташкил этиш ҳам мақсад қилинган.
Вилоят ҳокимининг қарорига асосан воҳамизда жорий йилда маҳаллий ҳокимликлар, давлат иштирокидаги тижорат банклари ва корхоналар ҳузурида жами 40 та, олий таълим муассасалари ҳузурида эса камида биттадан жамоавий спорт турлари бўйича спорт клублари ҳам ташкил этилади. Айни пайтда бундай спорт турлари бўйича "Ҳоким (раҳбар, ректор) кубоги" мусобақалари ўтказиб борилади.
Нишон туманида эшкак эшиш спорт базаси қурилмоқда
Жаҳондаги энг нуфузли спорт турнирларига терма жамоалар захирасини кучайтириш мақсадида жорий йилда вилоятимизда Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида 170 та мусобақа ўтказилади.
Бу борадаги энг муҳим янгиликлардан бири - мамлакатда Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича уч босқичли "Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари" мусобақалар тизими йўлга қўйилади. Видеоселектор йиғилишида айтилганидек, ушбу мусобақанинг туман ва вилоят совриндорларини ҳокимлар рағбатлантириб боради. Вилоят босқичи ғолиблари ҳар йили декабрда Олимпия шаҳарчасида ўтказиладиган "Президент Олимпиадаси"да иштирок этади. Мусобақа ғолиблари уй, автомобиль каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Биринчи ва иккинчи ўринни олган спортчилар Республика олимпия ва паралимпия марказига қабул қилинади. Бунда, 1-2 курс ўқувчиларига стипендия тўлаш йўлга қўйилади.
2025 йилда вилоятимизда терма жамоалар тайёргарлик олиб борадиган 7 та спорт иншоотининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳам назарда тутилган. Шулардан бири Нишон туманидаги Солянка кўлида ташкил этилаётган академик ҳамда байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт базаси бўлиб, уни барпо қилишга маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 4,5 миллиард сўм, зарур спорт анжомлари ва ускуналари, қайиқлар билан таъминлашга Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси маблағлари ҳисобидан 1,5 миллиард сўм ажратилиши "йўл харитаси"да кўрсатиб ўтилган. Маълум қилинишича, ҳозир янги спорт базасини ташкил этиш мақсадида мавжуд сув ҳавзаси эшкак эшиш машғулотларини ўтказишга мўлжаллаб ободонлаштирилмоқда. Кейинчалик эса у ерда енгил конструкцияли иншоотлар - ўқув тренинглари ва жисмоний машғулотлар учун заллар, қайиқларни сақлаш омборлари, ошхона ва дам олиш хоналарини қуриш режалаштирилган.
Барча спорт мактабларида паралимпия спорт гуруҳлари ташкил этилади
Спортда селекция ва таълим тизимини ривожлантириш доирасида жорий йилда вилоятимиздаги тўртта - Қарши шаҳар (юнон-рум кураши ва оғир атлетика), Ғузор тумани (гандбол ва кураш), Шаҳрисабз тумани (енгил атлетика ва дзюдо) ва Косон тумани 2-сон (дзюдо ва футбол) спорт мактаблари тажриба тариқасида иккитадан спорт турига ихтисослаштирилади.
Айни пайтда айрим туманларда спорт мактабларини паралимпия спорт турларига, хусусан, Муборакда пара таэквондо ва пара голбол, Қарши туманида пара стол тенниси ва пара дзюдо, Нишонда пара волейбол ва пара енгил атлетикага ихтисослаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.
Бунда ихтисослаштирилаётган барча спорт мактаблари учун кўрсатиб ўтилган спорт турлари билан шуғулланадиган спортчилар сонини кўпайтириш, разрядли ва унвонли спортчиларни тайёрлаш, тренерлар сифат таркиби ва сонини ошириш, ҳудудий ва миллий терма жамоалар учун спортчиларни тайёрлаб бериш бўйича аниқ мақсад ва режалар белгиланмоқда.
Жорий йилда яна бир муҳим мақсадли кўрсаткичга эришиб, вилоятимиз спорт таълим муассасаларида адаптив спорт турлари билан шуғулланувчи ногиронлиги бўлган шахслар қамровини камида 35 фоизга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун ҳар бир спорт мактабида камида биттадан адаптив спорт тури бўйича тренерлар ўқитилиб, улар орқали тегишли гуруҳларга ногиронлиги бўлган шахслар қамраб олинади, барча спорт мактабларида паралимпия спорт гуруҳлари ташкил этилади ва улар зарур спорт инвентарлари билан таъминланади.
Президент томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда вилоятимизда Олимпия спорт турлари бўйича ҳудудий спорт федерация (ассоциация)лари фаолиятини қайта кўриб чиқиб, уларни йирик ташкилотларга бириктириш ва қўллаб-қувватлаш, молиявий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, зарурат туғилганда раҳбарлигига муносиб номзодларни таклиф этиш, жойлашуви бўйича зарур чораларини кўриш ҳам кўзда тутилмоқда.
Қарорга асосан вилоят ҳокими томонидан 2025 йилда олимпия ҳаракатини ривожлантириш юзасидан "спорт қабуллари"ни ўтказиш режа-жадвали ҳам тасдиқланиб, унда вилоятимиздаги спорт соҳаси мутасаддилари, спорт федерациялари ва спорт мактаблари ҳамда бириктирилган ҳомий ташкилотлар вакиллари иштирок этиши назарда тутилган.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.