Алишер Навоий кутубхонасида мавжуд бўлган китоблар ҳақидаги маълумотларни ўрганиш улуғ шоирнинг илм-фан ва адабиётга нисбатан диди ҳамда талаби нечоғлик юксак бўлганидан далолат беради. Навоий кутубхонаси ҳақида жуда кўп манбаларда маълумотлар бор. Уларнинг аксарияти ўзига хос тарихга эга. Бу тарихга темурийлар ёки Навоий даври умумий тарихининг бир қисми сифатида қараш лозим. Унда ўша даврнинг илғор мафкура ва ғоялари, хусусан, тасаввуфнинг фалсафий таълимоти етакчилик қилади.
Тадқиқот
Алишер Навоий кутубхонасида мавжуд бўлган китоблар ҳақидаги маълумотларни ўрганиш улуғ шоирнинг илм-фан ва адабиётга нисбатан диди ҳамда талаби нечоғлик юксак бўлганидан далолат беради. Навоий кутубхонаси ҳақида жуда кўп манбаларда маълумотлар бор. Уларнинг аксарияти ўзига хос тарихга эга. Бу тарихга темурийлар ёки Навоий даври умумий тарихининг бир қисми сифатида қараш лозим. Унда ўша даврнинг илғор мафкура ва ғоялари, хусусан, тасаввуфнинг фалсафий таълимоти етакчилик қилади.
Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг бадиий ижод тафаккурини шакллантирган ва унинг оламга, башарий жамиятга ана шу таълимот нуқтаи назаридан қараши ҳамда ёндашишини таъминлаган ҳодиса ҳам ўз даврида бир қадар оммалашган ўша фалсафий таълимот эди. Биз бу ерда у қайси назарий китоблар орқали фалсафий дунёқарашини кенгайтиргани; фалсафаси, образлари ҳамда бу йўналишда ижодий концепцияси нималарга асослагани хусусида қисқача тўхталамиз.
Алишер Навоий "Фавойид ул-кибар" девонига кирган 322-ғазалининг мақтаъсида ёзади:
Навоий, англаки, боби вафо ёзилмайдур,
Агар Фусусдурур, гар Нусусу йўқса Фикук.
Байтни сидирға ўқиганда ундан "Навоий, англаки, Фусус, Нусус ва Фикук (аслида "Фукук"!)да вафо боби ёзилмаган" деган маънони тушуниш мумкин. "Боб ёзилмаслиги" уларнинг китоб эканини англатади. Демак, улар Навоий яхши билган, қадрлаган китоблардир.
"Мажолис ун-нафоис"да шундай эслатма бор: "Шайх Садриддин Равосий... шакли дилписанд ва ҳақойиқ ва маориф айтмоғи дилфириб эрди. Шариф суҳбатиға фақир мушарраф бўлдум. Бадахшон шоҳиғаким, анга мурид бўлуб эрди, "Фусус" дарс айтур эрди, кўнглумни басе сайд қилди. Замон подшоҳи (Ҳусайн Бойқаро бўлса керак - Н.Ш.) ҳам шайх мулозаматиға етар эрди..."
Бу парчада шоир "Фусус"ни шоҳлар олимлар ҳузурига бориб таълим олишга-да лойиқ мўътабар китоб эканини таъкидлайди ва ўзи Равосийдан бу китоб ҳақида маълумот олганини қайд этади. Умуман, юқоридаги байтда номлари келтирилган китобларни шоир фалсафий қарашларига энг кўп таъсир ўтказган асарлар сифатида баҳолашимиз мумкин. Бу ерда биз ана шу "Фусус" ҳақидаги айрим маълумотларни келтириш билан чекланамиз.
Навоий таянган фалсафий асарлар, уларда илгари сурилган ғоялар моҳияти билан чуқурроқ танишиш ва шундан сўнг шоир ижодининг фалсафаси, образ ва рамзлари орқали билдирилаётган фикрлар хусусида аниқ хулосаларга келиш мумкин.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, нақшбандия тариқатига кириб, фақат унинг амалиёти билан шуғулланиш, шундай турмуш тарзига мослашиш, чегараланиш улуғ шоир ҳамда унинг пири комили Жомийдек илм ва ижодий ишга мойил кишилар характерига тўғри келмас эди. Шунингдек, Е.Э.Бертельс қайд этганидек, нақшбандия тариқатида фалсафага мойиллик бор эди, шу боис ҳам Жомий бу тариқатни танлади. У илмий тафаккурида бўлган эҳтиёжига ечимни мусулмон оламида ўз фалсафий асарлари билан юксак ўрин топа олган машҳур шайх Ибн Арабий таълимотидан топди ва бир умр бу таълимот сир-асрорларини ўрганди, уни ўз фаолиятининг илмий асоси қилиб олди ва кенг тарғиб қилди. Жомийнинг буюк ижодкор Навоийга доимий таъсир этувчи кучи ана шу таълимотга асосланганида эди.
Е.Э.Бертельс яна ёзади: "Жомий ҳам, Навоий ҳам ишқни куйладилар. Кўпинча, бу ерда гап Ҳақга бўлган муҳаббат ҳақида эканини таъкидлайдилар. Ҳолбуки, Жомийнинг дунёқарашига кўра (таъкид бизники!), бутун олам Ҳақ зуҳури тажаллийсидангина иборат. Бинобарин, яратиқлар тожи - инсонда ҳам у зоҳирдир. Шуни унутмаслик лозимки, инсондаги илоҳий моҳиятни ҳурмат қилмоқ зарур ва уни таҳқирламоқ, тубан махлуқлар билан тенг кўрмоқ ножоиздир".
Умуман, Навоий кўпгина файласуф мутасаввифлар таълимотларини Жомий орқали ўзлаштиргани маълум. Унинг юқорида номлари зикр этилган асарларни ўрганишида Жомийнинг иштироки бўлган. Бинобарин, "Фусус" тарзида қисқа аталувчи асар Ибн Арабийнинг "Фусус ул-ҳикам" ("Ҳикматларнинг зийнатбоб дури") номли асаридир. Шу ўринда бу муаллиф ҳақида қисқача тўхталиш лозим.
Муҳиддин Ибн ал-Арабий Навоий наздида, Шарқда тасаввуф таълимот сифатида кенг тарқалишига катта ҳисса қўшган мутафаккирдир. "Насойим ул-муҳаббат" асарида у, жумладан, шундай зикр этилади: "Ваҳдати вужуд қойилларининг қудвасидур. Зоҳир фуқаҳо ва уламосидин кўп анга таън қилибдурлар. Фуқаҳодин оз ва сўфийдин жамоате ани бузург тутубтурлар". Шу сўзлардан сўнг Навоий Имом Ёфиъий тарихидан "Уни юксак эҳтиром билан улуғладилар, сўзларини мақтаб, мадҳ этдилар, баланд мартабасини сифатладилар, беҳисоб каромотларидан хабар бердилар" мазмунидаги иқтибосни келтиради. Бу зикр давомида келтирилган Арабийнинг Шиҳобуддин Суҳравардий билан учрашуви ҳам эътиборга молик: "...алар била Шайх Шиҳобуддин Суҳравардий қуддиса сирруҳуға мулоқот иттифоқи воқеъ бўлубдур. Ва баъзи акобир дедиларки, ул мулоқот Ҳарам тарафида экандур. Ҳар бири алардин яна бирига назра қилиб ўтушубдурлар, онсизки ораларида каломе воқеъ бўлғай. Андин сўнгра Шайх Шиҳобуддин ҳолини алардин сўрубдурлар. Алар дебдурларки, у бошдан оёғига қадар суннат билан тўладир. Шайх Шиҳобуддиндин аларнинг ҳолини сўрубдурлар. Дебдурки, у ҳақиқатлар денгизидир! Баъзи бузургвордин андоқ эшитилдики, Ҳарам соясида суҳбат тутубдурлар. Ва Шайх Шиҳобуддин ул Ҳазратдин неча савол қилибдурлар. Баъзиға жавоб берибдурлар ва баъзиға дебдурларки, Тубо дарахти соясида жавоб бергумиздур".
Тазкирада Ибн Арабийга таъна қилувчиларнинг таъналари айнан "Фусусу-л-ҳикам" китобига нисбатан бўлганини Абдураҳмон Жомий қайд этгани ҳам таъкидланади. "Ва ҳамоноки, аларнинг таънининг маншаъи ё таассубдур, ё иттилоълари адами, аларнинг мусталаҳотиға ё маоний ё ҳақойиқ румузики таснифларида дарж қилибдурлар, батахсис "Фусус"да ва "Футуҳот"да. Ва бу маъно ул мартабададурким, бу тоифадин ҳеч қайсининг ҳеч китобида топилмас. Ҳам ул Ҳазрат дебдурларки, бу фақир Хожа Бурҳонуддин Абу Наср Порсо қуддиса сирруҳудин бу навъ истимоъ қилибменки, дер эрдиларки, бизнинг волидимиз буюрурлар эрдики, "Фусус" - жондир, "Футуҳот" - дил... Ҳазрат Махдумий аларнинг мусаннафотидин "Фусус"ни шарҳ қилибдурлар. Андоқки, анинг (шарҳнинг - Н.Ш.) таърифини қилмоқ бу фақирдек бебизоатларнинг ҳадди эмас..."
Бинобарин, илмий манбалардан маълум бўлишича, Муҳиддин ибн ал-Арабий (1165-1240) турли фанлардан таълим олган, уни кўпроқ башорат қилиш сирлари қизиқтирган, ўз қобилиятини аксар вақт шу ишга йўналтирар эди. Унинг тасаввуф билан жиддий шуғулланиши 1184 йилдан бошланган. Бу йўлда у сўфийликнинг энг юқори босқичи ҳисобланган қутбул-ақтоб даражасига етган.
Ибн Арабийдан катта илмий ва бадиий мерос қолди. Замондошларининг турли манбаларда қайд этишича, у ёзган асарларнинг сони 300 тадан 500 тагачани ташкил қилади. Тўғри, олим асарларининг сони маълум бир асар номи турли манбаларда турлича қайд этилиши ёки такрор саналиши билан ҳам ортиб борган, лекин, шунга қарамай, улар бениҳоя кўплиги барча муаллифлар томонидан эътироф қилинган.
"Бизгача бу улуғ шайхнинг 150 та иши етиб келган, - деб ёзади рус файласуфи, профессор А.В.Смирнов. - Улардан фақат иккитаси махсус фалсафага оид. Улар "Ал-футуҳот ал-Маккийя" ва "Фусус ул-ҳикам". Қолганлари унинг шеърларидан иборат девони, сўфийлик тариқатининг муайян масалаларига бағишланган қарашлари ва ҳоказолар. Лекин бундай тасниф нисбийдир, чунки унинг шеърлари ҳам фалсафий фикрларининг талқинларидан иборат дейиш мумкин".
"Фусус ул-ҳикам" ҳеч шубҳасиз Ибн Арабий фалсафий қарашларининг моҳиятини белгилаб беради. У ўз архитектонасига кўра пайғамбарлар тарихига ўхшаб кетса-да, моҳият нуқтаи назаридан тубдан фарқ қилади. Унда пайғамбарлар ҳаётига оид воқеалар ва уларнинг сўзларидан фалсафий хулосалар чиқариш йўлидан борилади. Бу йўл бобларнинг номланишидаёқ кўзга ташланади. Масалан, 1-боб Одам (алайҳиссалом)нинг сўзларида илоҳий ҳикмат дурлари, 2-боб Шис (алайҳиссалом)нинг сўзларида шавқий ҳикмат дурлари, 3-боб Нуҳ (алайҳиссалом)нинг сўзларида сабуҳият ҳикмат дурлари ва ҳоказо. Ҳар бир боб тасаввуф ва фалсафанинг муайян тушунчасини талқин қилишга бағишланган.
"Фусус" умумий ҳолда 28 бобдан иборат. Унда 27 пайғамбардан сўз боради. Бу пайғамбарлар орасида 22-боб бағишланган Илёс пайғамбар Идрис (алайҳиссалом) билан бир шахс сифатида талқин қилинади. Бунга Имом Бухорий саҳиҳ ҳадислари орасидан исноди бўлмаган бир ҳадисга таянилади. Шунингдек, 26-бобда Холид бин Синон исмли яккахудоликни тарғиб қилган пайғамбар ҳақида сўзланади. Унинг Исо (алайҳиссалом)дан бир оз олдин ёки кейин яшаганлиги ҳақида фикрлар бор. "Фусус"га шарҳ ёзган Хожа Муҳаммад Порсо уни "расул эмас, набий эди", дея таъкидлайди. Арабий уни қуръоний истилоҳ билан "ан-нубуввату ал-барзахия" - "пайғамбарлик бўйини" сифатида талқин қилади ва у орқали "самадият ҳикмат дурлари" баён этилади. Бошқа, "Қуръони Карим"да зикр этилган пайғамбарлар сўзлари орқали қудусият, ҳаққият, руҳият, нурият, аҳадият, футуҳият, набавият, вужудият, нафсият, ғайбият, жалолият, эҳсоният, фардият каби тасаввуфий истилоҳларнинг ўзига хос талқинларини келтирган. Уларнинг ҳар бири ҳақида Навоий асарларида ҳам фикр юритилади.
Шуни ҳам унутмаслик лозимки, фалсафий фикрлар тарихида "Фусус" ёки "Шарҳи Фусус" номлари билан юритилувчи Ибн Арабийдан бошқа муаллифлар томонидан яратилган асарлар ҳам мавжуд. Бундай асарлар орасида Абу Наср Форобий томонидан ёзилган бир "Шарҳи Фусус" деб номланган асар узоқ даврлар шуҳрат қозонган. Навоий тилга олган "Фусус"ни улар билан алмаштирмаслик керак.
Нафас ШОДМОНОВ,
филология фанлари доктори, профессор