"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 March Sat

Кўкдала тумани Араббанди ташламасида микроГЭС қурилади

Жараён
Tipografiya

"Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамияти томонидан Кўкдала туманида Эски Анҳор каналининг Араббанди ташламасида барпо этиладиган микроГЭСнинг қуввати соатига 380 киловаттни ташкил этиб, унда бир йилда ўртача 1,6 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

"Яшил" иқтисодиёт

"Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамияти томонидан Кўкдала туманида Эски Анҳор каналининг Араббанди ташламасида барпо этиладиган микроГЭСнинг қуввати соатига 380 киловаттни ташкил этиб, унда бир йилда ўртача 1,6 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Хабарингиз бор: кичик ва микрогидроэлектр станциялари бутун дунёда қайта тикланадиган электр энергиясининг энг арзон манбаларидан ҳисобланади ва уларнинг етарлича гидравлик энергия ресурслари (тез оқаётган дарё ва каналлар ёки юқоридан тушаётган сувлар) бор жойларда ўрнатилиши ҳудудларда жуда тежамкор усулда электр таъминотини йўлга қўйиш имконини беради. Шу боис жаҳонда ва хусусан, юртимизда ҳам қишлоқ жойларидаги энергия танқислиги муаммосининг ечимларидан бири сифатида кичик ва микрогидроэнергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада вилоятимизда ҳам диққатга сазовор ишлар амалга оширилиб, жорий йилнинг январь ойида "Ўзбекгидроэнерго" АЖ томонидан Шаҳрисабз туманидаги Ҳисорак сув омбори қошида энергетик қуввати 3,5 мегаваттга тенг, йилига ўртача 17,5 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи Ҳисорак кичик ГЭС фойдаланишга топширилди. Айни пайтда мазкур туманда умумий қуввати 24 мегаваттдан иборат гидроэлектр станциялари - Оқсу дарёсидаги Рабат ГЭС (6,2 МВт) ва Чаппасуй ГЭС (7,5 МВт) ҳамда Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС (10,3 МВт) қурилиши давом эттирилмоқда.

Яқинда эса давлат харидлари электрон тизимининг махсус платформасида "Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида Араббанди ташламасида микроГЭС қурилиши" лоти бўйича энг яхши таклифни танлаш юзасидан харид комиссияси баённомаси эълон қилинди. Унга кўра, иккита иштирокчи қатнашган мазкур танловда Самарқанд вилоятидаги "Sogda qurilish" масъулияти чекланган жамиятининг "Sogda Zarafshonsuv qurilish" шуъба корхонаси ғолиб деб эълон қилинди ва "Гидроқурилиш буюртмачи хизмати" МЧЖ   буюртмачилигида "Ўзгидроэнерго" АЖнинг ўз маблағи ҳисобидан микроГЭС қуриш ҳуқуқини қўлга киритди. Битим суммаси 9 миллиард 345,6 миллион сўм (шундан 1 миллиард сўмдан ортиғи - қўшилган қиймат солиғи) этиб белгиланди. Танловда рақибидан атиги 0,0061 баллга ортда қолган Самарқанд вилоятидаги "Tolib bobo AKT" МЧЖ мазкур лот бўйича захирадаги ижрочи сифатида эътироф этилди. Буюртмачи талабига кўра, Араббанди ташламасидаги микроГЭС қурилиши шартнома имзоланганидан сўнг 6 ой ичида якунланиши лозим.

"Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамияти расмий сайтида маълум қилинганидек, мамлакат Президентининг "Гидроэнергетика соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини жадаллаштириш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган 2024-2028 йилларда гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш дастурига мувофиқ, 2028 йилга бориб соҳада мавжуд 2,3 ГВт қувватларни 2,5 баробарга оширган ҳолда 5,9 ГВтдан ортиқ (қўшимча 3,6 ГВт), йиллик экологик тоза электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмини эса 16-17 миллиард киловатт-соатга етказиш режалаштирилган. Дастурнинг амалга оширилиши натижасида мазкур жамият таркибидаги гидроэлектр станциялари сони 2 баробарга ошиб, 120 тага етказилади, 3 мингта янги иш ўрни яратилади, 4,2 миллиард куб метр табиий газ иқтисод қилинишига эришилади.

Т.НИЗОМОВ