Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2025 йил 1 мартдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2025 йил 1 мартдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан:
тажриба-синов тариқасида республиканинг узоқ ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобиль малака ошириш хизматлари жорий этилади.
* * *
Камбағал оилалар реестрига киритилган ва расмий банд бўлган ёлғиз она (ота)га ижтимоий шартнома асосида бир нафар фарзанди учун бола(лар) уч ёшга тўлгунига қадар мактабгача таълим хизматидан фойдаланиш учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир ярим бараваригача миқдорида моддий ёрдам берилади.
Бунда агар болалар эгизак бўлса, моддий ёрдам эгизакларнинг ҳар бири учун берилади.
* * *
Судда иш юритиш тарафлар келишув битими тузганлиги сабабли тугатилганда, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга давлат божини қуйидаги миқдорларда қайтариб бериш тартиби жорий этилади:
биринчи инстанция судида - тўланган давлат божининг 70 фоизи;
апелляция ва кассация тартибида берилган шикоятлар бўйича судда - тўланган давлат божининг 30 фоизи.
* * *
Ер қаъридан фойдаланиш бўйича масофавий мониторинг ва риск-таҳлил "Геомониторинг" ахборот тизими ҳамда SGM платформаси орқали амалга оширилади.
* * *
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимликларига, ҳудуди 10 минг метр квадратдан, баҳоланган қиймати 5 минг БҲМдан ошмаган ҳамда 6 ой давомида сотилмаган маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли кўчмас мулк объектларини (Тошкент шаҳри туманлари ва вилоят марказлари бундан мустасно) икки йил ичида янги лойиҳани ишга тушириш ва иш ўринлари яратиш шарти билан:
тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри 10 йил муддатга ижарага бериш ҳамда давлат мулки учун 4 йил давомида узлуксиз ижара тўловларини амалга оширган ва ижара шартномаси шартларини бажарган тадбиркорга хусусийлаштириш ёки баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиш;
халқаро тан олинган хорижий тил ва малака сертификатларини олишга ўқитадиган маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар ёки ташкилотларга дастлабки биринчи йили ижара тўлови ундирмасдан 5 йил муддатга кейинчалик унинг муддатини узайтириш шарти билан ижарага бериш ваколатлари берилади.
* * *
"Ижтимоий дафтарлар" жамғармаларига йўналтириладиган маблағларни тақсимлашнинг жорий этилган тартибига мувофиқ:
йўналтирилиши белгиланган маблағларнинг 30 фоизи туман (шаҳар)лардаги аҳоли сони ва Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар сонига мутаносиб равишда "Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик" жамғармаларига ўтказилади;
йўналтирилиши белгиланган маблағларнинг 70 фоизи туман (шаҳар)лардаги аҳоли сони, ногиронлиги бўлган шахслар сони ва Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар сонидан келиб чиқиб, туман ва шаҳарлардаги "Ижтимоий дафтарлар" жамғармаларига тенг улушда ўтказилади.
Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ:
иш берувчилар талабига мослашувчан ўқитиш муддати ва вақтини назарда тутувчи тезкор курслар йўлга қўйилади;
амалий касбий кўникмаларни бевосита иш жойида шакллантириш имконини берувчи янги тажриба жорий этилади.
Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахсларига меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаганлиги учун камерал назорат ўтказиш ваколати берилади.
Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими маълумотларидан фойдаланган ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қурилаётган, таъмирланаётган ёки реконструкция қилинаётган объектлардаги ишчилар сонининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда пудрат ишлари ҳажмига мувофиқлиги юзасидан назорат тадбирларини ўтказишга рухсат этилади.
Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларда меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазаси таъминланганлик ҳолати онлайн рейтинг асосида баҳоланади.
* * *
Аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш жараёнларини рақамли назорат қилиш тизими йўлга қўйилади.
* * *
Амалдаги қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан (субсидия, солиқ ва божхона имтиёзлари ва молиявий ёрдамлар) фойдаланган ҳолда харид қилинган, шу жумладан, республикада ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган янги тракторлар ва комбайнларни уларга GPS қурилмасини ўрнатмаган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.
* * *
Ички ишлар органлари профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозими тугатилади ҳамда бўшаётган штат бирликлари ҳисобидан:
вилоятлар марказлари ва криминоген вазият оғир туман (шаҳар)лар маҳаллаларида хизмат олиб борувчи ички ишлар органлари профилактика кичик инспектори лавозими киритилади;
меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар, мактаб битирувчилари ҳамда талабалар билан ижтимоий профилактика чоралари доирасида манзилли ишларни амалга ошириш тузилмалари ташкил этилади.
* * *
Тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилади.
Кундузги парвариш хизматига оид фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан кундузги парвариш хизматидан фойдаланилган бир кун учун 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган ҳар бир болага базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида ва 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳар бир болага - 27 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Бунда вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари учун субсидия миқдори 1,1 кўпайтирувчи коэффициентни қўллаш орқали аниқланади.
Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг ногиронлиги бўлган ҳар бир боласи учун белгиланган субсидия умумий миқдорининг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ тўлаб берилади;
кундузги парвариш хизмати ташкил этилган жойдан 3 километр радиусдан ортиқ масофада яшайдиган болаларнинг келиб-кетишлари учун хусусий шерик томонидан транспорт хизмати йўлга қўйилганда, унга тарбияланувчининг ҳақиқатда қатнаган кунлари сонидан келиб чиққан ҳолда бир ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизигача миқдорда компенсация тўланади.
Шунингдек, 2027 йил 1 июлга қадар кундузги парвариш хизматини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига Марказий банкнинг асосий ставкасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида мебель ва жиҳозлар хариди учун имтиёзли кредитлар ажратилади.
* * *
Фуқароларга ёшга доир пенсияларни "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасида белгиланган ёшга (эркаклар - 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда; аёллар - 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда) тўлиши муносабати билан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартиби жорий этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан:
Давлат органларининг расмий веб-сайтлари фақатгина Ягона платформада юритилади. Бунда янги ташкил этилган давлат органлари ўзларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини ташкил этилган санадан бошлаб бир ой муддатда Ягона платформада йўлга қўяди.
* * *
Двигателининг иш ҳажми 25 сантиметр куб ва ундан ортиқ, лекин 50 сантиметр кубдан ошмайдиган, шунингдек, электр двигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, бироқ 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километр ва ундан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган транспорт воситалари (мопед ва скутер)ни бошқариш учун тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаб этилади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.