Қарши шаҳрида ўтказилган навбатдаги бўш иш ўринлари ярмаркасида юзлаб фуқаролар доимий даромадли расмий меҳнат фаолиятига кириш имкониятига эга бўлди.
Бандлик
Қарши шаҳрида ўтказилган навбатдаги бўш иш ўринлари ярмаркасида юзлаб фуқаролар доимий даромадли расмий меҳнат фаолиятига кириш имкониятига эга бўлди.
Давлат ташкилотлари билан бир қаторда хусусий бизнес корхоналари ҳам фаол иштирок этган меҳнат ярмаркасида, маълумотларга кўра, 61 та субъект томонидан 1000 дан ортиқ бўш ва янги очилган иш ўринлари таклиф этилди. Жумладан, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси 43 та, соғлиқни сақлаш бошқармаси 104 та бўш иш ўрни билан иштирок этиб, тегишлича 10 ва 16 нафар иш сўраб мурожаат этган фуқарога мутахассислигига мутаносиб фаолият учун йўлланмалар расмийлаштирди.
Тадбир давомида саноат ва ишлаб чиқариш соҳасига ихтисослашган хусусий сектор субъектлари томонидан таклиф этилган 764 та бўш ва янги иш ўрнидан 250 тасига жойлашувчи даъвогарлар ҳам топилди ва улар фаолият билан танишув ҳамда зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун корхоналарга таклиф этилди.
Ушбу меҳнат ярмаркаси доимий иш ўрнига эга бўлмаган аҳоли вакиллари, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар, ташқи миграциядан қайтган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган фуқаролар кенг жалб этилгани билан янада аҳамиятли бўлди.
Маълумот учун, Президентнинг жорий йил 21 январдаги "2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган Қашқадарё вилоятида аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлашнинг йиғма мақсадли кўрсаткичларида 600 минг фуқаро бандлигини таъминлаш белгиланган. Яъни инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 14 минг 250 нафар аҳоли, тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 282 минг 76 киши, қишлоқ хўжалиги соҳасида 292 минг 639 одам ва қурилиш соҳасида 11 минг 35 шахсни иш билан банд қилиш кўзда тутилган.
Ўз мухбиримиз