"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 March Sat

Табиий офатларга тайёрмизми, эпидемиологик вазият қандай?

Жамият
Tipografiya

Ўтган йили вилоятимизда 106 ҳолатда бруцеллёз, 16 ҳолатда куйдирги, 4 ҳолатда Қрим-Конго геморрагик иситмаси, 2 ҳолатда қутуриш билан касалланиш қайд этилди. Бу ҳудудда баъзи ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик вазият мураккаблашганини кўрсатади.

Матбуот анжумани

Ўтган йили вилоятимизда 106 ҳолатда бруцеллёз, 16 ҳолатда куйдирги, 4 ҳолатда Қрим-Конго геморрагик иситмаси, 2 ҳолатда қутуриш билан касалланиш қайд этилди. Бу ҳудудда баъзи ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик вазият мураккаблашганини кўрсатади.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ҳамда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармалари билан ҳамкорликда ташкил этган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Айтилишича, ўтган йили йиғма манзилли дастурга асосан бюджетдан ажратилган 10 миллиард сўм маблағ эвазига Деҳқонобод, Қамаши, Чироқчи, Яккабоғ ва Китоб туманларидаги сел ва тошқин хавфи бор қатор объектларда профилактик тадбирлар амалга оширилди. Натижада эҳтимолий хавф ҳудудида жойлашган 78 та хўжалик, 341 гектар экин майдони, 3 та мактаб, 2 та кўприк, 1 та қабристон ва 2,1 километр ички йўллар сел ва тошқин сувлари зарар етказишидан муҳофазаланди.

Аммо талафотлар ҳам бўлган. Хусусан, сел ва тошқин сувлари сабаб кўприк ва йўллар, аҳоли хонадонлари, экин майдонларига зарар етиш кабилар билан бирга, инсон ўлими билан боғлиқ ҳолат ҳам қайд этилгани ачинарли.  

Матбуот анжуманида масъуллар журналистларга ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, табиий офатлардан ҳимояланиш ва зарур ҳолатларда тезкор чораларни амалга ошириш юзасидан жорий йилда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам атрофлича маълумот беришди.

Шоҳиста БОЗОРОВА