"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 March Sat

ҲАМ ИЧКИ БОЗОР, ҲАМ ЭКСПОРТГА

Иқтисодиёт
Tipografiya

Дастлабки статистика маълумотларига кўра, 2024 йилда Қашқадарёда озиқ-овқат саноати корхоналари томонидан 7 триллион 97,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, тармоқда физик ҳажм индекси олдинги йилга нисбатан 129,2 фоизни ташкил этди.

Озиқ-овқат саноати

Дастлабки статистика маълумотларига кўра, 2024 йилда Қашқадарёда озиқ-овқат саноати корхоналари томонидан 7 триллион 97,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, тармоқда физик ҳажм индекси олдинги йилга нисбатан 129,2 фоизни ташкил этди.

Воҳа озиқ-овқат саноатидаги шу қадар юқори суръатли ўсиш, бир томондан, мамлакатда ишлаб чиқариш корхоналарини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар натижаси бўлса, иккинчи томондан, соҳага сармоя киритиб, уни астойдил ривожлантиришга интилаётган қатор тадбиркорлик субъектларининг саъй-ҳаракатлари самарасидир. Масалан, вилоятда озиқ-овқат саноати етакчиларидан бири ҳисобланган Қарши шаҳридаги "Asian Golden Oil" масъулияти чекланган жамияти қарийб ўн йил мобайнида тармоқ тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

- Ушбу корхона 2014 йилда таъсис этилган бўлиб, дастлабки лойиҳаси 2016 йилда Хитойдан келтирилган замонавий технологиялар асосида бир кеча-кундузда 50 тонна хомашё қайта ишлаш ва ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан иборат эди, - дейди Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси бош мутахассиси Азиз Пирназаров. - Орадан беш йил ўтгач, "Asian Golden Oil" МЧЖ мулкдорлари яна бир йирик инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқаришди ва Туркия саноатчиларидан юқори технологик линияларни харид қилиб, суткасига 250 тонна буғдойни қайта ишлаш қувватларини фойдаланишга топширишди. 2023 йилда навбатдаги ташаббус доирасида Хитойдан олиб келинган завод асбоб-ускуналари монтаж қилинди ва бир кеча-кундузда 200 тонна хомашёдан ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шу тариқа мазкур МЧЖ маҳаллий ва импорт хомашёлардан буғдой уни ва ўсимлик ёғи ишлаб чиқариб, нафақат ички истеъмол бозорига, балки экспортга ҳам жуда кўп ҳажмда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришнинг уддасидан чиқмоқда.

Корхона мутахассисларининг таъкидлашича, "Asian Golden Oil" МЧЖда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида Хитой ва Туркиядан умумий қиймати 5,3 миллион долларга тенг замонавий технологик ускуналар келтирилган ва бундан-да йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари бажарилган. Жамият ҳудудида ишлаб чиқариш биноларидан ташқари барча зарур муҳандислик коммуникациялари, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар ва бир йўла 17 минг тонна хомашё, 12 минг тонна озуқа-ем маҳсулотлари, 5 минг тонна ўсимлик ёғи ва 25 минг тонна ун сақлаш учун мўлжалланган омборхоналар, автомобиль йўллари ва темир йўл линияси ҳамда махсус автотранспорт воситалари учун тураргоҳлар барпо этилган. Юк ташувчи автомобиллар ва темир йўл транспортида олиб келинаётган ва олиб кетилаётган юкларнинг оғирлигини ўлчаш учун мос равишда 50 ва 200 тонналик тарозилар ўрнатилган. Юк ташувчи автомобиллар, шу жумладан, халқаро қатновларни амалга оширишга қодир ҳамда савдо дўконларига маҳсулотларнинг кичик партияларини етказиб берадиган автоуловлар парки шакллантирилган.

Муҳими, умумий сони 120 нафарга етган жамоа аъзолари, шу жумладан, 32 нафар муҳандис-техник ходим, 80 нафар цех устаси ва ишчининг самарали меҳнат қилиши ва мароқли ҳордиқ чиқариши учун муносиб шароитлар яратилган. Шуларнинг барчаси ҳисобидан корхонада йилдан-йилга ишлаб чиқариш суръатлари ошиб, маҳаллий истеъмолчилар ва экспортга етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми тобора ортиб бормоқда. Бунга уйғун равишда МЧЖ соф фойдаси миқдори ҳам кейинги уч йил ичида 5,5 баравар кўпайган.

"Asian Golden Oil" МЧЖ директори Холмаҳмат Рўзибоевнинг гапларига қараганда, яқин келажакда мазкур корхонада яна битта истиқболли лойиҳа амалга оширилиб, ун маҳсулотларини қадоқлаш учун ишлатиладиган полипропилен қопларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, жамиятнинг хомашё базасини кенгайтириш ҳисобига ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 25 минг тонна, ун ишлаб чиқариш ҳажмини эса 55 минг тоннага етказиш мўлжал қилинган.

Ўз мухбиримиз

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.